Фахрий журналист

Ҳайитметова Ҳафизахон Шарофхўжаевна

Ҳаёт йўли

Ҳайитметова Ҳафизахон Шарофхўжаевна 1946 йилнинг 10 декабрида Тошкент вилояти, Оққўрғон туманида туғилган. Миллати ўзбек, партиясиз. Маълумоти олий. 1969 йили Тошкент Давлат университети, Ўзбек филологияси факультетини имтиёзли (кундузги) тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1969 йилда "Шарқ Юлдузи" журналининг поэзия бўлимида адабий ходимликдан бошлаган. 1970 йилдан то 2005 йилга қадар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида муҳаррир, катта муҳаррир, бўлим бошлиғи, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида хизмат қилган.

Радио фаолияти

Ҳ.Ҳайитметова Ўзбекистон радиосидаги 27 йиллик фаолияти давомида жуда кўп радио эшиттиришлар, радио фильмлар тайёрлади. Жумладан, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши олдидан жонли эфирда у тайёрлаган "Она тилим — онадай азиз", "Она тилим — омон бўл!", Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган ўғил-қизлар ҳақидаги "Бола кўнгли – онада!", Ватанимиз тарихини ўрганишга оид "Тарихни ўрганамиз" туркум эшиттиришлари, оила ва жамият мавзусига бағишланган "Садоқат" туркум эшиттириши учун республика миқёсида ўтказилган нуфузли танловларда бир неча бор танлов ғолиби бўлди. Болалар ва ўсмирлар учун тонгда ҳаво тўлқинларига узатилган "Келажак тонги", "Она юртим – олтин бешигим!" "Ватанни таниш – ўзни танишдан бошланади", "Шанба учрашуви", "Ҳикматлар хазинаси" эшиттиришларида юртимизнинг машҳур инсонлари қатнашиб, тингловчилар меҳрини қозонишган.

"Ибратли умрлар" туркуми

"Ибратли умрлар" туркумидан тайёрланган бу эшиттиришлар ҳақида алоҳида тўхталиш мумкин. Унда Академиклар: Қори Ниёзий, Ёлқин Тўрақулов, Ҳадича Сулаймонова, шунингдек Назир Сафаров, Иброҳим Раҳим, Зулфияхоним, Бектош Раҳимов, Икрома Болтаева сингари республикага танилган инсонларнинг болалик ва ёшлик чоғлари ҳақидаги суҳбатлари радио хазинасида сақланибгина қолмай, "Юлдузлар йўл кўрсатади" номли китобда ҳам ёритилган. Бир нарсани қайд этиш лозимки, Ҳафизахон Ҳайитметова таниқли инсонларнинг овозлари муҳрланган 50 га яқин аудио кассеталарни "қалбидаги хазиналарни" кўз қорачиғидай сақлайди.

Хизмат сафарлари

Ҳафизахон Ҳайитметова ҳамиша изланишда бўлган. Жумладан, 1976 йили Бухоро вилоятининг Газли шаҳрида рўй берган зилзила туфайли ўқувчилар ёзги таътилни собиқ Иттифоқнинг турли республикаларида ўтказишган. Озарбайжон республикасига уюштирилган сафар чоғида журналист болалар бўш вақтларини қандай ўтказишаётгани тўғрисида махсус эшиттириш тайёрлаб, эфирга узатди. 1987 йилнинг 7 декабрь куни Арманистон Республикасида рўй берган фожиа – зилзила журналистни яна сафарга чорлади. У хизмат сафари чоғида зилзиладан омон қолган, лекин ўз яқинини йўқотган арманистонлик болаларнинг қайғуларига ҳамдард бўлди. 1990 йили "Наврўз" байрамига бағишлаб илк ташкил этилган 24 соатлик марафонда, жонли эфирда қалдирғоч бошловчи сифатида хизмат қилди. 1991 йилнинг август ойида МТРК ходимларидан иборат делегация Хитой республикасига хизмат сафари уюштирди. 7 нафар кишидан иборат делегация гуруҳида телевидение ходимларидан 6 нафар журналистни, Ўзбекистон радиосидан эса биргина Ҳафизахон Ҳайитметовани қўшишди.

Телевидение фаолияти

Ҳ.Ҳайитметова 1997 йили Ўзбекистон телевидениесининг "Болалар ва ўсмирлар" муҳарририятида Бош муҳаррир ўринбосари лавозимига тайинланди. Изланувчан журналист телевидениеда ҳам қатор ташаббуслар билан чиқди. "Болаликка бахшида умр", "Алпомишлар ҳамиша ғолиб", "Томир", "Садоқат", "Мактублар-кабутарлар", "Бир сиқим тупроқ" каби кўрсатувлари халққа манзур бўлди.

"Умр дафтари" туркуми

«Умр дафтари» — бу туркумдаги видеофильмда элимизнинг ардоқли инсонлари ҳақида сўз боради. Жумладан, биринчи ўзбек археологи, академик Яҳё Ғуломов ҳақида тайёрланган тўрт қисмли видеофильм эфирга берилиши биланоқ марказий газеталарда тақризлар чиқди. Шунингдек, академиклардан Иброҳим Мўминов, Азиз Қаюмов, навоийшунос олим Абдуқодир Ҳайитметов, етук олим Солиҳ Муталлибов, Марказий Осиёда йўл қурилиши бўйича аёллардан чиққан ягона олима Аълохон Қодирова, Хоразм Маъмун академиясининг академиги Гавҳаржон Дурдиева, машҳур педагоглар Раҳимжон Усмонов, Жўрахон Тошпўлатов, Саиджон Раҳмонов, Ўзбекистон халқ артисти Берта Давидова, Ўзбекистон халқ ёзувчилари: Ҳамид Ғулом, Мирмуҳсин, шоир ва адиблардан Шамси Одил, Сайёр, Гулчеҳра Жўраева тўғрисида "Умр дафтари" туркумидан тайёрланган "Улуғ дарёлар", "Навоийдан нур олиб", "Бир инсоний умр", "Бир қатим нур", "Наволардан нурланган дунё", "Вафонинг узун йўли", Ўзбекистон Қаҳрамонлари: Зикир Муҳаммаджонов ҳақидаги "Саҳна сардори", Хивадаги Меҳрибонлик уйи раҳбари Вера Пак ҳақидаги "Она" каби фильмлар МТРКнинг олтин фондидан ўрин эгаллаб, шу пайтгача такрор ва такрор бериб борилади.

Нашрлар

Ҳ.Ҳайитметова ёзган шеър, мақола ва ҳикоялар республика матбуотларида тез-тез босилиб туради. Жумладан, "Халқ сўзи", "Ўзбекистон овози", "Ўзбекистон адабиёти ва санъати", "Ҳуррият", "21 аср", "Оила ва жамият", "Ёшлар овози", "Тонг Юлдузи" каби газеталарда, "Шарқ Юлдузи", "Гулистон", "Саодат", "Гулхан" ва "Ғунча" журналларида ҳам чоп этилган.

Қўшиқлар

Ҳафизахон Ҳайитметова бўш вақтларида ижод билан шуғулланади. Унинг "Қалам", "Интизор этдинг мени", "Субҳидам", "Уялма мендан", "Ишонасанми", "Ҳаёт бунча гўзалсан", "Алла" каби шеърларига машҳур бастакорлар: Фахриддин Содиқов, Ғанижон Тошматов, Орифхон Ҳотамов, Орифхон Қосимов, Матниёз Юсупов, Қаҳрамон Комиловлар куй басталашган. Бу қўшиқларни Ўзбекистон халқ артистлари: Берта Давидова, Замира Суюнова, Матлуба, Султонпошша Ўдаевалар ижро этишади. Мазкур қўшиқлар ҳам Ўзбекистон радиосининг олтин фондида сақланади.

Берта Давидова ҳақида фильм

"Наволардан нурланган дунё". Уч қисмдан иборат бу видеофильм Ўзбекистон халқ артисти Бертахоним Давидова ҳаёти ва ижодига бағишланган. "Муножот" қўшиғининг илк ижрочиси бўлмиш Бертахон опани тасвирга туширишнинг ўзи бўлмаган. Аввал икки қисмли, сўнг уч қисмли фильм тайёрланди. Тўғри, аввал ҳам фильмконцерт тайёрланган. Аммо фильм у фақатгина қўшиқлардангина иборат эди. Уч қисмли фильмда санъаткорнинг болалик чоғларидан бошлаб, то умрларининг охиригача босиб ўтган ҳаёт ва санъат йўли қизиқарли ҳикоя қилинган.

Оила

Ҳ.Ҳайитметова "Ўқитувчи" нашриётининг "Ўзбек тили ва адабиёти" бўлимида қирқ йилдан ортиқ меҳнат қилган Х.Ҳайитметов билан турмуш қуриб, 53 йилдан ортиқ яшади ва тўрт фарзандни олий маълумотли қилиб тарбиялашди. Бугунги кунда набиралари ҳам нуфузли халқаро университетларни битириб, нуфузли ташкилотларда меҳнат қилишмоқда. Ҳафизахон Ҳайитметова 14 набира ва 6 эваранинг бувисидир.